09/10/2026
ҚАДИМИЙ ВА ҲАМИША НАВҚИРОН САМАРҚАНДДА ХАЛҚАРО СПОРТ МУСОБАҚАСИ: НАМАНГАНЛИК ҲАМШИРА ЎЗБЕКИСТОН ШАРАФИНИ ҲИМОЯ ҚИЛАДИ
Маълумки, 2025 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида «Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ҳамда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси кубоги учун» спорт мусобақасининг республика босқичи ўтказилган эди. Унда фахрли биринчи ўринни қўлга киритган Чуст туман тиббиёт бирлашмаси туғруқхона бўлими ҳамшираси Собирова Маҳмуда Адҳам қизи халқаро спорт мусобақасида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Қувонарлиси, Маҳмуда жорий йилда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Марказий Осиё мамлакатлари соғлиқни сақлаш ходимлари ўртасидаги халқаро спорт мусобақасида Ўзбекистон Республикаси тиббиётчилари номидан иштирок этади. Бу нафақат унинг шахсий ютуғи, балки Наманган вилояти соғлиқни сақлаш тизими ва касаба уюшмаси фаолияти учун ҳам катта қувонч ва фахрдир.
Маҳмуда Собирова республика миқёсидаги саралаш мусобақаларида ҳам ўзининг маҳоратли эканини намоён этиб, стол тенниси бўйича биринчиликни қўлдан бермади. Унинг ушбу натижалари халқаро майдонда юртимиз шарафини ҳимоя қилиш имкониятини яратди.
Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, соғлиқни сақлаш тизими вакиллари ўртасида дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар алоҳида аҳамиятга эга. Бу йил тиббиёт ходимлари ўртасидаги нуфузли халқаро спорт мусобақаси илк бор ўтказилиши билан ҳам аҳамиятлидир. Мусобақа 14–15 октябрь кунлари қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади.
Ушбу халқаро спорт тадбири соҳа вакиллари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жисмоний фаолликни ошириш, дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш ҳамда мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Мусобақада Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Мўғулистон ва Тожикистон вакилларининг иштирок этиши режалаштирилгани ҳақидаги маълумотлар халқаро спорт тадбирининг географик қамрови кенгайиб бораётганини кўрсатади.
Наманган фарзанди, Чуст туман тиббиёт бирлашмаси туғруқхона бўлими ҳамшираси Собирова Маҳмуда Адҳам қизининг халқаро мусобақада иштирок этиши вилоятимиз аҳли учун ҳам катта шарафдир.
Наманган вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Наманган вилояти Кенгаши Маҳмуда Собированинг халқаро мусобақада муносиб иштирок этишига ишонч билдиради. Унга стол тенниси баҳсларида омад, куч-ғайрат ва зафарлар тилаб қолади! Халқаро майдонча юртимиз байроғини баланд кўтариб, фахрли ўринларни эгаллашига ишонч билдиради.
Аббос МАМАДАЛИЕВ
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Наманган вилояти Кенгаши раиси, "Соғлиқни сақлаш аълочиси"