12/05/2026
👩🏼⚕️ “Бор бўлинг ҳамширалар, - Сизга эҳтиром” тантанали тадбири юқори савияда ўтказилди.
2026 йил 12 май куни Халқаро ҳамширалар куни муносабати билан Ўзбекистон Миллий кино санъати саройида “Бор бўлинг ҳамширалар, - Сизга эҳтиром” деб номланган тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Ҳамширалар Ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридан ташриф буюрган 1800 нафардан зиёд ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари иштирок этди.
Бугунги кунда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда ҳамширалар, доялар, фельдшерлар, лаборантлар ва фармацевтларнинг ўрни беқиёс эканлиги алоҳида таъкидланди. Айни пайтда юртимиз тиббиёт муассасаларида 450 мингга яқин ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари фаолият юритмоқда.
Тадбир доирасида бир қатор республика танловлари ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Хусусан:
🏆 “Ҳамшира-2026” кўрик-танлови
🏆 “Йилнинг энг яхши ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходими” танлови
🏆 “Патронаж доя – аёллар саломатлиги таянчи” танлови
🏆 “Йилнинг энг яхши IT оператор – ҳамшираси” кўрик-танлови
🏆 “Менинг онам ҳамшира” республика расмлар танлови ғолиблари муносиб тақдирландилар.
Айниқса, жорий йилда илк бор бирламчи тиббий-санитария тизимида фаолият юритаётган IT ҳамширалари ўртасида “Йилнинг энг яхши IT оператор – ҳамшираси” танловининг ташкил этилгани соҳада рақамлаштириш жараёнларига қаратилаётган юксак эътиборнинг амалий ифодаси бўлди.
Тадбирда ғолиб ва иштирокчиларга ноутбуклар, телевизорлар, статуэтка ва плакеткалар ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Шунингдек, тадбир иштирокчилари учун “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” дастури доирасида пойтахтимизнинг диққатга сазовор масканларига саёҳатлар, маънавий-маърифий тадбирлар ва маданий дастурлар ташкил этилди.
🎶 Байрам тадбири эстрадамиз юлдузлари иштирокидаги гала-концерт дастури билан якунланди.
💐 Инсон саломатлигини сақлаш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган барча ҳамширалар, доялар ва ўрта тиббиёт ходимларини Халқаро ҳамширалар куни билан чин қалбдан табриклаймиз!